Qonunlar

Ўзбекистонда умумий ўрта таълим тўғрисидаги янги низом тасдиқланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомга кўра, умумтаълим муассасаси юридик шахс ҳисобланади ва ўз уставига, мустақил балансига, шахсий ғазна ҳисобварақларига (давлат таълим муассасалари учун), банк ҳисоб рақамларига, ўз номи кўрсатилган муҳрга (давлат умумтаълим муассасаларининг муҳрида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилади), штампга ва бланкаларга эга бўлади.

Умумтаълим муассасасининг устави белгиланган тартибда тасдиқланади ва маҳаллий давлат ҳокимияти органида давлат рўйхатидан ўтказилади.

Умумтаълим муассасаларининг намунавий устави Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Давлат умумтаълим муассасаларида умумий ўрта таълим олиш бепул амалга оширилади.

Умумтаълим муассасасида таълим олиш тилини танлаш Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

Давлат таълим стандартларига мувофиқ ҳар бир шахснинг таълим ва тарбия олишдаги конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш ўрта таълимнинг мақсади ҳисобланади.

Ўрта таълим ўқувчиларга билимларнинг зарур ҳажмини беради, мустақил фикрлаш, ташкилотчилик қобилияти ва амалий тажриба кўникмаларини ривожлантиради.

Ўқувчиларига махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган мутахассисликлар бўйича касбий таълим беради.

Умумий ўрта таълимнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

ўқувчилар томонидан мунтазам билимлар олинишини таъминлаш, уларда билим олиш эҳтиёжини ривожлантириш, базавий ўқув, илмий ва умуммаданий билимларни шакллантириш;

ўқувчиларда миллий ҳамда умумбашарий қадриятларни уйғунлаштириш асосида юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни тарбиялаш, ўз Ватанига ва халқига содиқ фуқарони шакллантириш;

таълим-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий ва инновацион педагогик услубларини ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали таълим сифатини ошириш;

ўқувчиларнинг индивидуал ижобий хусусиятларини аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, уларнинг юксак даражада таълим-тарбия олишлари, ижодий имкониятларини шакллантириш ва ривожлантириш учун шарт-шароит яратиб бериш;

меҳнат қилиш ва мустақил ижодий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, ўқувчиларни касбга йўналтириш, ўқувчилар учун махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган мутахассисликлар бўйича касбий таълим бериш.

Умумий ўрта таълим бошланғич таълим (I – IV синфлар), таянч ўрта таълим (V-IX синфлар) ҳамда умумий ўрта (X-XI синфлар) босқичларидан иборат бўлиб, кундузги таълим шаклида амалга оширилади.

Ўқув йили умумтаълим муассасаларида 2 сентябрдан келгуси йилнинг 25 майига қадар давом этади ва тўртта чоракка бўлинади.

Ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда қуйидаги муддатларга амал қилинади:

ўқув йилининг давомийлиги – 34 ҳафта (I синфлар учун 33 ҳафта);

ўқув ҳафтасининг давомийлиги – 6 кун (педагогик кенгашнинг қарорига кўра I-IV синфлар учун 5 кун);

дарс машғулотининг давомийлиги — 45 дақиқа;

дарс машғулотлари оралиғидаги танаффуснинг давомийлиги — 5 — 10 дақиқа (ўқув куни ўртасидаги танаффуснинг давомийлиги — 15 — 30 дақиқа).

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида байрам (ишланмайдиган) куни деб белгиланган кунларда дарс машғулотлари ўтказилмайди.

Байрам (ишланмайдиган) кунларига тўғри келиб қолган дарс машғулотларининг мавзулари ўқув дастурларини ихчамлаштирган ҳолда кейинги дарс машғулотларида ўтказилади.

Белгиланган меъёрлар бўйича тегишли майдонга эга бўлган умумтаълим муассасасининг синфлари тўлиқлиги 35 нафардан ортиб кетишига йўл қўйилмайди.

 

 

 

Қарор ижроси таъминланади

2017.05.29 | Қарор ва ижро

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳамда 2017 йил 6 апрелдаги “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдилаш тўғрисида”ги қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда унинг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида ўқув курслари ташкил этилмоқда.

Жумладан умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини амалиётга жорий этиш бўйича тегишли мутахассислар учун 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб мақсадли ўқувлар ташкил этилмоқда.

Мазкур ўқув курсларининг 1-босқичида иштирок этиш учун 20 та умумтаълим фанлари бўйича 560 (ҳар бир ҳудуддан 2 нафардан) нафар энг тажрибали ўқитувчилар тренер сифатида танлаб олинди.

Жорий йилнинг 2017 йил 29 май – 1 июнь кунлари Абдула Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Марказий институтида тренер ўқитувчиларни тайёрлаш бўйича “Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини амалиётга самарали жорий этиш” мавзусидаги мақсадли ўқувлари бўлиб ўтади.

Бугун мазкур ўқув-курсларининг очилиши маросимида сўзга чиққан халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов умумий ўрта таълимнинг янги қабул қилинган давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини амалиётга жорий этишнинг аҳамияти ва тизимдаги ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Ўқув-курсларни тугатган тренер-ўқитувчиларга махсус сертификат берилади ва улар ўз ҳудудларидаги ўқитувчиларни янги давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари асосида дарс ўтишга тайёрлашга қаратилган амалий ва методик ёрдам кўратишади.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати